Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

11 Июнь 2025

“Шарғункўмир” АЖ ва “Бойсункўмир” МЧЖларни хусусийлаштиришга тайёрлаш ва хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси жалб қилинади

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активлари агентлиги “Шарғункўмир” АЖ устав капиталидаги 99,93 фоиз акциялар пакети ва “Бойсункўмир” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз улушни (кейинги ўринларда – Активлар) оммавий савдолар орқали хусусийлаштиришга тайёрлаш ва хусусийлаштириш (кейинги ўринларда – Лойиҳаучун профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб этиш юзасидан танлов эълон қилади.

 

Консультант Активларнинг тармоқ ҳамда индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда соҳадаги институционал инвесторларни Активларни сотиб олишга бўлган қизиқишларини ўрганиш асосида хусусийлаштириш усули, механизмлари ва шартларини ишлаб чиқиши лозим.

 

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини 2025 йил 25 июнь куни Тошкент вақти билан соат 18:00га қадар tender@davaktiv.uz электрон почтасига тақдим этишларини сўраймиз.

 

Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи (консорциум) тақдим этилса, жалб қилинган шерик – консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Консультантларнинг вакиллари билан битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса, Активларда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналига мурожаат қилинг:

Астонақулов Музаффар Мухсин ўғли – Давлат активлари агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари: Тел.: +998-71-259-21-51; E-mail: tender@davaktiv.uz.

 

Дисклеймер

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Давлат активлари агентлигига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Танлов иштирокчилари танлов жараёни билан боғлиқ ҳолда Давлат активлари агентлиги учун дастлабки тақдимотлар ва таклифларни тайёрлашнинг ягона чекланган мақсадидан ташқари, ҳеч нарсага таянолмайдилар ва ишонмасликлари шарт.

 

Активларни хусусийлаштиришга тайёрлаш ва хусусийлаштириш бўйича консультантни жалб қилиш юзасидан таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

 

Кириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги ПҚ-145-сон қарорига мувофиқ, “Шарғункўмир” АЖ устав капиталидаги 99,93 фоиз акциялар пакети ва “Бойсункўмир” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз улушни хусусийлаштирилиши (кейинги ўринларда – Битим) белгиланган.

Сотиш жараёнлари Активларнинг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим. Давлат активлари агентлиги тўғри қарор қабул қилиши учун Активларни (ҳар бир корхона алоҳида) мустақил баҳолаш ишларини амалга оширади.

Ушбу Таклиф тақдим этиш учун сўровнома (кейинги ўринларда – Сўровнома) Консультантга қўйиладиган талабларни ва унинг баҳоланиши керак бўлган таклифининг тузилишини, шунингдек, ушбу Сўровноманинг иловасида Битимни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур иш ҳажмини тавсифлайди. Консультантлар консорциумга киришлари ёки хизматларнинг тўлиқ спектрини тақдим этиш бўйича қўшма таклифлар киритишлари мумкин.

Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар

Консультантнинг (индивидуал аризачи ёки Консорциум) таклифи ўзбек/рус/инглиз тилида тайёрланиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

а) Активларни хусусийлаштириш шартлари ва жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);

б) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (50 баллгача)

  • Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) бўлиши ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши лозим;
  • Таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Давлат активлари агентлиги таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;

Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;

в) Шу тоифадаги Активларлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, охирги 5 йиллик даврда хорижий шу жумладан МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (20 баллгача);

г) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган Битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси (20 баллгача);

д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;

е) Манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслиги ҳақида маълумот. Консультант ушбу лойиҳага жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

 

Консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми

 

I. Тошкўмир қазиб олиш соҳасидаги инвесторларнинг қизиқишини ўрганиш ва бошқа тегишли хизматлар бозорини таҳлил қилиш: 

  • Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар;
  • соҳадаги институтционал инвесторларнинг Активларни сотиб олишга бўлган қизиқишини ўрганиш асосида сотиш шакли, усули ва шартларини ишлаб чиқиш;
  • бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги Активларнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар;
  • амалга оширилган таҳлиллар асосида Активларнинг хусусийлаштириш жараёнларини муваффақиятли ташкиллаштириш учун лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

 

II. Активларни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар: 

  • Активларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) Активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;
  • Ўзбекистон Республикаси тошкўмир қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ва рухсат бериш тусига эга ҳужжатларни бериш шартларини таҳлили;
  • Активларнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence) (ҳар бири бўйича алоҳида);
  • оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён хати (Process letter) ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш орқали мулоқот ўрнатиш;
  • маркетинг материалларини тайёрлаш, шу жумладан инвестиция видеолари, тарқатма материаллар ва бошқалар;
  • жамоатчилик ва тадбиркорлик субъектлари билан алоқа ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;
  • баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсияларни тақдим этиш;
  • инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;
  • лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.

 

III. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш: 

  • Активларни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;
  • барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;
  • Битимни эълон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

 

(1) Агар ариза консорциум томонидан тақдим этилган тақдирда, консорциум бўйича келишувни тақдим этиш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи асосий маслаҳатчи (одатда консорциум раҳбари деб аталади) кўрсатиш лозим. Ушбу ҳолатда хизматларнинг умумий қиймати кўрсатилиши керак.

(2) Агар консультантларнинг таклифлари “а”, “в” ва “г” бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб 30 баллдан кам баҳоланса, “б” бандида назарда тутилган баҳолаш балли қўлланилмайди.

(3) Агар жамият иштирокчиларидан бирортаси томонидан улушни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланилган ҳолларда, жалб этилган консультантга қўшимча келишув имзолаш орқали фақатгина юридик кўмак учун тўловлар амалга оширилади.

200 Чоп этиш